Инсайдерларимдан бири менга етказган хабарига кўра, Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси Туғруқ бўлими ходимларидан мурожаат келиб тушган.
«Қачон тўлиқ ойлик маош оламиз?»
«Ҳурматли Шавкат Миромонович! Ҳурматли Танзила Норбоева! Биз Олтиариқ тумани тиббиёт ходимлари ойлик маошларимиздан турли мақсадларда олиб қолинишидан чарчадик. Бизни розилигимизсиз ойлик маошимиздан олиб қолиш ҳақида аризани тайёрлаб, бизни ўрнимизга имзо қўйиб молия-бухгалтерия бўлимларига тақдим этганларга кимдир чора кўрадими? Ҳужжатларни қалбакилаштириб, ойлик маошимиздан ушлаб қолиш бу жиноят эмасми? Тиббиёт соҳасини ёмон иллатлардан тозалашни режалаштирган экансизлар, аввало ойлик маошимизни тўлиқ олайлик. Бунақа сохта ҳужжатлар билан ойлик маош уйимизга етиб бормайди. Қуйидаги расмдаги ҳужжатда имзолар қалбакилаштирилган, биздан сўраб ҳам ўтиришмаган. Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш.Бузруков бундан хабари борми, йўқми бизга номаълум.
Меҳнат кодекси 164-моддасига асосан бизни розилигимизсиз, суд қарорисиз ойлик маошимиздан ҳеч кимни ушлаб олишга ҳаққи йўқ. Бундан ташқари имзоларимизни сохталаштиришган, жиноят кодекси 228-модда бўйича жиноят иши қўзғатиш шарт!
Олий Мажлис депутатлари, Сенаторлар, тиббий хизматлар фаолияти бўйича тузилган ишчи гуруҳ аъзолари сизлардан илтимос биздан ойлик маошингни тўлиқ оляпсанми, деб ҳам сўранглар. Олтиариқ туман хокимлигида ташкил этилган ҳалқпарвар комиссияси келиб ўргансин, биз ҳам ҳалқнинг вакилимиз-ку!
Агар биз бунга қарши чиқсак, тирноқ остидан кир қидириб бизни ишдан бўшатишади. Илтимос сизлардан бундай қонунбузарликка чек қўйинглар!
Ҳурматли Хайрулло Бозоров, вилоятни каттакони сифатида сиздан илтимос, назоратга олинг!